ТЎЛҚИНДА

Болалик ўтган бошимдан
Уйқуда кўрган туш каби
Сувларда суздим ёшимдан
Кўкда ҳам учдим қуш каби

Тўлиб тошиб туш каби
Денгизда сузиб балиқдай
Ишониб ёшлик кучларга
Ўйнадик кулдик толиқмай

Йилларни буклаб ипакдай
Ўтганмиз ташлаб талайин
Кексалик  узоқ даракдай
Кўриниб қолар қорайиб

Оролга келдим ўралиб
Кўзимдан потраб ёш чиқди
Нозланди тўлқин буралиб
Эслатиб ўтли ёшликни

Санчиб ҳам кўрди игнадай
Енгдим мен унга бўй ташлаб
Боёқиш бола дегандай
Ўйнади тўлқин ёнбошлаб

Кўпириб денгиз ҳайқирган
Уради кўкка тик тўшин
Тикади кашта тўлқиндан
Ёпиниб яшил кўрпасин.

Билади тўлқин сузишни
Ҳеч кимса унга ўргатмай
Қўймадим қарши сузишни
Ўйноқлаган ўрдакдай

Бошимдан мунчоқ сочади
Қатор-қатор тизилган
Тўлқинлар зувлаб қочади
Бир-бирининг изидан

Олдига чиқиб чамалаб
Бирин-бири қувади
Қош қоққанча болалаб
Тўлқиндан-тўлқин туғади

Думалаган арчадай
Довдирашиб келади
Талпинишдан чарчамай
Қаҳ-қаҳ отиб кулади

Ҳунарли ўйнаб куйлайди
Минг тилда сўзлаб  англашар
Шамол ҳам чалар сурнайни
Концертин кўрдик томоша.

Тортинма денгиз тортинма
Лаззат олдим кучингдан
Туғилган жонман тўлқинда
Қувондим қаттиқ ичимдан

Деб яна айтдим дўстларга
-Ёшлигим қайта ўралди
Чиққандай баланд чўққига
Тарқатдим  дилдан хуморни...

 

МЎЙНОҚДА

Чуллак ўйнаб, ҳам зўр бериб эртакга
Қовун қўриб ўтирсак ҳам чертакда
Қўшиқ айтиб юрар эдик элаклаб
Аяпберган, Ажиниёз, Бердақга

-Қаёқда?
-Оқдарёда, Бўзатовда Муйноқда.

Туғилдим мен, ёшдан шунда кўп бўлдим
Қувноқ бўлдим, яхши яшаб, тўқ бўлдим
Ёддан чиқмас чўмилганим сузганим
Ойдинида тиниқ сувли кўк кўлнинг

-Қаёқда?
-Оққум, Майпоз, Тентак арна, Мўйноқда

Кўл ёқалаб тенг тизилган оқ қамиш
Қизил отов, оқ уй тўлган кўк қамиш 
Гоҳо мотор,гоҳо елкан югурган
Сайрон этар хуш кўнгилли йигит-қиз

-Қаёқда?
-Қозоқдарё, Қоратеранг, Мўйноқда.

Зерикканда эрмак учун қуш отиб,
Қанча ғознинг мой таомин ошадик.
Сувда сулгин, бакра, сазан, оқ марқа,
Оққув, ўрдак, қашқалдоқни ушладик.

-Қаёқда?
-Пўрхон атов, Мадалида, Мўйноқда.

Нигоҳ етмас кенгликларга қарасам,
Кўп ўзгарган кўринишлар жонажон.
Гудоклари комбинатнинг, заводнинг,
Пароход ҳам сузиб келар ўртадан.

-Қаёқда?
-Қозоқдарё, Учсой, Ўрга, Мўйноқда.

Тунда-кўкда, сувда-юлдуз, минг юлдуз,
Электрдай тунни этган куп-кундуз.
Қоракўлнинг подасидай ёйилиб,
Тўда бўлиб кезиб юрган кўп қундуз.

-Қаёқда?
-Қоражарда, Қоратеранг, Мўйноқда.

Сигирлар бор говмушлари сайланган,
Қувонтирган йилқисидан айланган.
Қора жардан қараб туриб лол қолдим,
Думи узун тулкилари овланган.

-Қаёқда?
-Кенг Оролнинг атрофида Мўйноқда.

Тепаликлар бўй тиклаган олисда,
Посёлкага аввалданоқ танишман.
Тиргак этиб, тошу-толни бироқда,
Унинг ўзи бино бўлган қамишдан.

-Қаёқда?
-Қозоқдарё, Учсой, Ўрга, Мўйноқда.

Сўзим етмас айтган билан бир-бирлаб,
Тўлқин ҳаллос урган билан дирилдаб.
Тўхтамайди қайиқ мотор карвони,
Эсган елга эргашади гуриллаб.

-Қаёқда?
-Асов Орол ойдинида Мўйноқда.

Қайсар мардлар довулингга қарайми?-
Ғайрат тошиб, бўйсинмайди  ўрайга,(пойтахтга)
Матчон билан Ҳикмат палвон оғалар,
Уч йиллигин бажарибди бир ойда.

-Қаёқда?
-Менинг ўсган элатимда Мўйноқда.

Кам деганда икки норма ҳар куни,
Тўлиб тошиб оқиб, ётар Жайҳуни.
Ғалабанинг шарафига хизматин,
Бажарибди туққизинчи май куни.

-Қаёқда?
-Марат номидаги овул Мўйноқда.

Бир кун мени қуршаб олди кўп янга-
-Шоир қайним, мен эркакдан камманми?
Меҳнатимиз кўрсатар деб ўйлаймиз,
Таъма қилиб, элга шоир келганда.

-Қаёқда?
-Кенг Оролнинг атрофида Мўйноқда.

Шу гапларни айтишади халойиқ,
Шоир дўстлар юринг бирга борайлик.
Бўйсиндирган тўлқин билан довулни,
Ботирларни биз ёзайлик кўп лойиқ.

-Қаёқда?
-Кенг Оролнинг атрофида Мўйноқда.


ДЕНГИЗ ЁҚАСИДА

Кун чиқиб қизса гар қум билан тошлар,
Сувнинг нам ҳавоси яшнатар тоғни.
Узоқдан кўринган қуёш шуъласи,
Осмон юзларига сочар бўёқни.

Сулув қашқалдоқлар – сайроқи қушлар,
Завод атрофига қўшиқ таратар.
Комбинат устида чинқирган гудок,
Уфқлар оламига шуъласин сочар.

Назар солсам Орол денгиз томонга,
Алп тўлқинлар ўйғотади соҳилни.
Ён атрофга урилган шўх шабода,
Нафис найин чалиб турар ҳар дилнинг.

Ҳар тўлқинда катта-кичик қайиқ бор,
Соҳиллардан беш ўн метр узоқда.
Тўрт ёнидан сапчиб ўтар балиқлар,
Эркаланиб ўйноқлайди йироқда.

Ўйнаб кулиб қирдан сувга шўх сакраб,
Ёшлар юрар сув ичида зерикмай.
Асов денгиз минг тошса ҳам кўпириб,
Улар сузар тутқич бермас, балиқдай.

Кўлда сузган оққувлардай сузилиб,
Ялтирайди балиқчининг елкани.
Ихлос билан қараб турсам узилиб,
Сув сачратар асов денгиз тўлқини.

Узоқлардан келар булбул овози,
Куйлагандай меҳнаткашнинг омадин.
Чайқалади жекан, пичан, қамиши,
Қуш концерти оқартирар хуш тонгни.

Нозик нақш кўк пароход бир ёнда,
Сафар чекиб олиб келди хабарни.
Бари қизиқ чопқилайман тўрт ёнга,
Бу кўриниш саҳнадаги чевардай.

Сувга шўнғиб мотофлюк ҳайдаган,
Келди менга Гулпариза ўртоғим.
-Тоғ ортида гулдан даста ясаган,
Шоир дўстим, айтмайсанми ҳормасин?

-Боргинг келса моторимга мин,-  деди,
Иккиланиб турдим бироз ўйланиб.
- Қўён юракмисан дўстим сен,- деди,
Уялгандан зўрға миндим қийналиб.

Мотор бирдай зувлаб кетди қуюндай,
Чаққон эди Перизанинг билаги.
Тўлқин сочиб ён атрофга қўйилгай,
Мен қўрқсам у қаҳ-қаҳ отиб кулади!...

1959 йил июль


ҚОРАҚАЛПОҚ БЎЛГАЛИ

 
Қорақалпоқ бўлгали,
Эл номини олгали.
Не кўрмади қорааканг-
Деган мақол бор экан.
Туркистоннинг элида,
Туроннинг кенг ерида.
Қирқ йил яшаб,
Қирқ кўчган,
Қирқ бор ёниб,
Қирқ ўчган.
Ҳолсираб, гоҳи жонланиб,
Ойболтасини олиб.
Номус учун тиришган,
Умр учун курашган.
Ел учирган  янтоқдай,
Гоҳо макон, нон топмай.
Ёзиғи бордай худога,
Тентираб яшаш ўнғайми?
Тўлғаниб кўчган Дунайга,
Болконнинг уру, дўнгини,
Кавказнинг шимол, шаркини.
Эдил, Жайиқ бўйларини,
(Ғижирлатиб аравасини),
Сиғиниб бобо аждодга,
Тараган булутдай ҳар ёққа.
Кўчишдан армон қолмади,
Белда дармон қолмади.
Ўтказмай сокин бир қишни,
Умр учун тиришди.
Эллардан элга сурилиб,
Билмайин ўлик тиригин.
Тинчлик кўрмай жаҳонда,
Қовушган ота маконга.
Қутулиб қирғин қамалдан,
Маконин топиб дам олган,
Қадимий қорақалпоқдан,
Сақланиб қолган урпоқман.

 

УМРИМ ЛИРИКАСИДАН

Дунё-уммон, суздим тошқин оқимин,
Учратмадим тўхтайдиган соҳилин.
Йўл-йўлакай салом бериб ўтай деб,
Эшигига кирдим ярим асрнинг.

Не бир дўстлар армон этди келишни,
Чўғи сўнди кўрмай кетди элликни.
Ойга етган кўз тўймасдай замон бу,
Юз ёшда ҳам ҳеч ким суймас ўлишни.

Ҳар бир куним ҳаётимнинг бир ғишти,
Ҳар кимнинг ҳам келар ғиштни тергиси.
“Бир асрнинг қоқ ўртаси шудир”- деб,
Мана шунда ўлчаб қўйган белгиси.

Ҳамма юриб ўтадиган бир тепа,
Сен ҳаётсан, бордир бахт ва мартаба.
Бугун мана эллик  ёшга хайр деб,
Олтмиш томон отланаман эртага.

Эгизакдир қувонч ва  хафалиқ,
Кун ортидан кунлар келар тақалиб.
Ҳар ўтган кун юлқиб олиб кетмоқда.
Умримнинг бир ғиштини қўпориб.

Келажакка назар ташлаб қарайман,
Борса келмас тоғ кўринар қорайган.
Шунга етган кексаликнинг давронин,
Менинг ўзим йигитликка санайман.

Юрган изни хаёлингга оласан,
Ёдимдадир қайғум билан томошам.
Шум ажал ҳам чанглар ичра кўринди,
Мен ғоз туриб кенг дунёга қарасам.

Буғинтириб буйинимга осилган,
Ажал ҳавфи кетмай турди қошимдан.
“Ҳиққ” эттириб ютиб қўйди отамни,
Етим қолдим палапондай ёшимдан.

Онам ғариб зор қақшайди эгилиб,
Кўзларидан қонли ёши тўкилиб.
Ўн олтидан ёлғиз қолган мен бўлдим,
Ўн беш юлдуз ер остига кўмилиб.

Қайғу ўти кўп куйдирди онамни,
Қора уйни қоплади тош қоронғи.
Довул бўрон қорли совуқ тунларда,
Зорланади соғ қўйгин деб боламни.

Кетганларга жони ўтдай куяди,
Бемор бўлсам яна ўқдай тегади.
Ёшликдамас энди бугун ўйласам,
Пўлат экан онажоним суяги.

Кулимласам шоду-ҳуррам бўлади,
Қовоқ уйсам сариқ гулдай сўлади.
Жон бор ерда хафалигин сездирмай,
Овлоғида ўксиб-ўксиб олади.

Соф юраги ўртанибди дуд бўлиб,
Тирик қолдим охир мен ҳам қут бўлиб.
Қор устида янтоқлардай юмалаб,
Ўт бошида оёқларим ўт бўлиб.

Эсган елдай ўта берди болалик,
Йигит бўлдим, келди кам-кам оғалик.
Отам юрган сўқмоқ билан оралаб,
Етиб келдим эллик ёшга тақалиб.

Кунлар ўтди кўрган тушдай белгисиз,
Кунлар ўтди қайтиб уни кўргисиз.
Турмушимда на бир кунлар учради,
Ҳаётимнинг яримини бергисиз.

Ёдимдадир мен бояги етимман,
Етимлардан талай жонлар етилган.
Бу замонда севгучи кўп болани,
Онасидай чўлпиллатиб бетидан.

Юртим мени шоир деса шоирман,
Не деса ҳам фармонига қойилман.
Меҳрибоним мактаб билан интернат,
Етимларни етимликдан айирган.

Эл севмаса менинг жойим тўрмиди,
Буюк бахт лочин қушдай ўрлади.
Бир армоним-мартабамнинг ошганин,
Отам билан онам ғариб кўрмади.

Олқишим кўп дўстларимга, халққа,
Инсон сира назардан чет қолибми.
Тирик тугул ботил бўлган Бердақни,
Бизнинг замон олиб чиқди ёруғга.

Юрагимнинг ичларида ғазалим.
Инсон учун яратилса асарим.
Эл олқиши менинг учқур қанотим,
Ҳали талай узоқларга сафарим.

Оққув кўрки тиниқ сувли кўл билан,
Ернинг кўрки одам билан ер билан.
Тузин тўлиқ оқламадим юртимнинг.
Ҳали менинг қарзим кўпдир бермаган.

Қучоғида ўйим-фикрим кенгайган,
Эл меҳрини жон онамга тенглайман.
Юрт шодлиги улансин пок юракка,
Фақат ўзим юз яшайин демайман.

Мен минг яшаб қолганда ҳам қатордан,
Бу дунёнинг не лаззатин тотарман.
Замондошнинг ҳаммасидан айрилсам,
Менинг ўзим гўрга бориб ётарман.

Мен яшасам дўстлар билан яшайин,
Бола-чақа, жуфт тор булиб яшайин.
Катта-кичик дўсту-ёрон замондош,
Кексалару-ёшлар билан яшайин.

Эллик ёшда чарчамасман, толмасман,
Толнинг умри бир асрча санасам
Тарк етмаган ёшлигдаги куч-куввот,
Ҳали талай дубирим бар қарасам.

 

ОНА

Эй она биламан тилагимдасан,
Сен менинг мудоми юрагимдасан.
Қандай кўрадиган бўлсанг сен мени,
Мен ҳам жоним каби кўраман сени.
Сендан қиммат не бор менга дунёда,
Сен бўлмасанг келармидим дунёга.
Болалик давримни эсга олайин,
Ўтган умримга ҳам ўйлаб қарайин:
Гўдак бўлдим, бола бўлдим, эр етдим.
Одам этиб сенинг ўзинг яратдинг,
Туғилиб, қирқ кундан чарақлаб кулдим.
Мен кулсам қувондинг, севиниб юрдинг,
Йиғласам юпатдинг, кулсам қувондинг,
Оппоқ сутларингдан эмдим ва қондим.
Эркалансам иссиқ қучоғинг очдинг,
Югуриб борганда бағрингга босдинг.
Қанча қийнасам ҳам шунча чидадинг,
-Осмондаги ойни бер дедим – йиғладим.
Бол берсанг “Сут бер!”-деб қинғирлик этдим.
Сут берсанг “Бол бер!” –деб идишни тўкдим.
Қанча қинғир-қийшиқ ишни қилдим мен,
Камситмадинг, кўнглимни топдинг сен,
Барин ҳурмат билан ёдга оламан,
Ўйлаганда уялиб ҳам қоламан
Катта-кичик,оға-қариндош иним,
Уларда ҳам бўлди менинг миназим.
Ҳаммасининг эркалигин кечирдинг,
Авайладинг, папаладинг, ўстирдинг.
Гоҳ иссиқдан, гоҳ совуқдан сақладинг.
Оналикни ҳурмат билан оқладинг,
Ҳаётингнинг қанча, қанча йилларин,
Фидо этдинг улғайсин деб болаларим.
Ёшлигимда шундай тарбия қилдинг,
Бугун мана инсон бўлиб етилдим.
Хизматинг унутсам инсон эмасман
Амрингни тутарман, ҳеч йўқ демасман,
Энди сенинг чин кўнглингга этайин.
Ҳалол меҳнат билан хизмат этайин,
Жоним фидо ҳар бир айтган сўзингга.
Болам деган сўзинг қувват ўзимга,
Агар эрркаласанг мен ҳам чидайман,
Чарчадим деб ҳеч муаммо этмайман.
Саҳар туриб, бол бер десанг берайин,
Қайга юборсанг ҳам бориб келайин.
Агар топ десанг ҳам қўённинг сутин,
Сўзингни қайтармас ҳалол фарзандинг.
Бор олиб кел десанг тойчоқнинг мойин,
Сен учун у мой ҳам бўлади тайин.
Чуқур денгизлардан топ десанг балиқ,
Кетарман, бир куни келарман олиб.
Ўтга кир десанг ҳам ундан қайтмайман,
Хуллас мен сени ҳеч хафа этмайман.
Менинг ихтиёрим сенинг қўлингда.
Ўлсам ҳам розиман сенинг йўлингда,
Меҳрибоним онам, юрагим жоним,
Онамдай қадрдон улуғ Ватаним.

 

ОТЛАР

Кузовига от юклаган машиналар,
Йўл бўйида учиб келар қаранглар.
Дегандан сўнг мен ҳам бордим қошига,
Кимни аяб гапиришди одамлар.

Бири бия, бировлари той чиқар,
Деб қарадим жониворлар кўркига.
Ана бири қайчиқулоқ бойчибор,
Учар эди юборганда эркига.

Мана бири қайчиқулоқ кўк дўнган,
Гўрўғлининг ғайратига ўхшатдим.
Сариқ ғунон уч ёшига етмаган,
Темирига илинибди тузоқнинг.

Ана мард Қўблоннинг тойи тайиндай,
Ой тепали манглайида қашқаси,
Талпиниб кийикнинг қуралайиндай,
Оҳу кўзлар ялтирайди хўшлашиб.

Барининг орзуси учқур арғимоқ,
Ўзиб чиққан талай-талай уловдан.
Қийин эмас машинадан ирғимоқ,
Аттанггина оёқлари бойланган.

Отни қанча қадрлаган қарекенг,
Ана бири йилқининг оқ-бўз ранги.
Турли-турли жойсонлари бор экан,
Ана Нурлибойнинг бола гурранги.

Оқ бошни ер, хуш сийнабанд тақиниб,
Мард йигитлар ўтирганда устида.
Эсган елдай кетар эди отилиб,
Ойлик йўлни ошиб тушиб уч кунда.

Қизлар миниб ясатилган аравага,
Кумуш каби ярқирашиб кулишган.
Бировлари миниб саман йўрғага,
Ҳатто тўйда сайрон қилиб юришган.

Қош чопқирнинг тулпор деган оти бор,
Маъракада улкан тўпни айирган.
Чопқир миниб ёв қайтарган ботирлар,
Достонини кўп ўқиган шоирман.

Довул туриб, булут ёмғир ахтарди,
Машинаси юриб кетди силкиниб.
Кўп қийнади кузовдаги отларни,
Қуйруқ ёллар дирилдади силкиниб.

Меҳр берсанг кўзлар эди Қиримни,
Бу атрофда қизиқувчи одам йўқ.
Гўшт комбинат деворига бурилди,
Машинани қайтаришга чамам йўқ.

Тунда отлар кириб чиқди тушимга,
Бировлари тоғдан-тоғга сакраган.
Бировлари ёлвориниб кишига,
Кишнагани эшитилди “эфирдан”.

Бировлари қочган экан бўшалиб,
Учиб бориб ой ёнига қўнибди.
От боқарни судга берган Нишонов,
Жафокачи прокурорга йўлиқди.

От дубурин эшитмоқда қулоғим,
Бойчиборлар  ўзиб келган узоқдан.
Уйқусираб кровотдан қуладим,
Мунгли ҳаёл жиғилдонни қайнатган.

Боболарим қанот қилди отларни,
Юртни асраб аямади жон кучин.
Минг-минг йиллар хизмат қилди мардлари,
Бугун мана бойлик бўлди эл учун.
 

ЧИМБОЙЛИ ҚИЗ

Баллада

Шикастландим салқиндан,
Оғриқ берди ҳалқимдан.
Даволади дўхтир қиз,
Қуралайдай талпинган.

Юзи иссиқ танишдай,
Катта билан айтишмай.
Сўзнинг гали келганда,
Дадиллашиб қолишмай.

Кичик билан кичикдай,
Катта билан каттадай.
Очган оппок юрагин,
Хийла билан буркамай.

Қорапаранг жайдари,
(Одамга дори фойдали)
Доридан ҳам ёқимли,
Ширин сўзи дийдори.

Яширмайин сиримни,
Хаёлим изга бурилди.
Тушиб кетди эсимга,
Бир воқеа бурунғи.

х х х

Ёш ўспирин боламиз,
Чўмилиб шовқин соламиз.
Ғоз каби кўкка интилиб,
Талашиб совға оламиз.

Тарқадик сузиб ҳар ёққа,
Бир қиз келди нарёққа.
Кегейлидан сув олар,
Кўрардим уни ҳар вақтда.

Танидим шу қиз эканин,
Соҳилга қўйиб чакарин,
Кўза билан сув қўйди,
Сезаяпман кетарин.

Белгиси ёшлик ўжарлик,
Сув остида жунжикдим,
Чўнғиб ўтиб нарёққа,
Қизнинг қошидан чиқдим.

Чўчиб тушди силкинди,
Бирдан туриб иркилди.
Қўлидаги челаги 
Тушиб кетиб, бир кулди

Пайқамай фойда зиёнин,
Ҳазил эди хаёлим.
Челак оқиб кетган сўнг,
Ўзим анча уялдим.

Жимликни маъқул кўрдим,
Челакка қараб югурдим.
Сувда сузиб, ҳовлиқиб,
Челакни олиб бердим.

Юрагим урди дурсиллаб,
-Ўйининг сенинг қурсин-, деб
Кўзин менга қадади,
-Раҳмат сенга қирчин,- деб.

Шундай кейин танишдим,
Уйи ёнида соҳилнинг.
Бахмал тахя бошида,
Паридай ёнар товуснинг.

Ўқувчи эдим шу вақтда,
Бир куни борсам овлоқга.
Хафадай экан саллониб,
-Келинг-, деб кулди бироқда.

Бурунлари туқмоқдай,
Кулган юзи оппоқ ой.
Кўзи ялт-ялт этади,
Сўниб ёнган чақмоқдай.

Сал тикилиб қарасанг,
Беҳуш бўлиб қоласан.
Сулувлиги кўз олиб,
Ўзингни четга оласан.

Очилган гул юзлари,
Ярашган дур тишлари.
Жонга лаззат беради,
Нафис шўх кулишлари.

Кашталанган кўйлаги,
Тугмали енгсиз гавдаси.
Халқали сирға ойбалдоқ,
Ялтирайди ҳаммаси.

Келишган ковуш оёқда,
Попукли турма бошида.
Бир сўз билан айтганда,
Ўзи ўн саккиз ёшида.

Бўйнида ҳайкал мунчоғи,
Билагузик, узикли бармоғи.
Бир ўзининг безаги,
Бир ўзининг чироғи.

Эмас бироқ бой қизи,
Қорақалпоқнинг жон қизи.
Бировнинг эрка юлдузи,
Қадрли қизи, ой қизи.

Уй қошида ўрмаги,
Кашта тикиш эрмаги.
Онаси кашта ўрмакнинг,
Чевари шу ердаги.

Хуш феъл эди онаси,
Тўрткўлда ёлғиз боласи.
Ўқиётган ўхшайди,
Икки йил бўлган чамаси.

Мени яхши кўради,
Бори бўлса беради.
Ҳар куни тайёр оқ совлақ,
Солинган турақ, шўраги.

Мен қизни жондай кўраман,
Ўйлайманда юраман.
Нега шундай шу ерин,
Тушунмадим ҳали мен.

Қиз нега солланади,
Қарайман унга танг қолиб.
Чинқўбизин чалдида,
Кетди борди алданиб.

“Нўгай булик”, “Оққув”ни,
“Чиниранувни”, “Қиз сингсув”ни,
“Нор ийдирган” етим қиз,
Чертган сайин куй туғди.

Бериб юрак сезимин,
Хаёлининг кезишин.
Не бўлса ҳам сири бор,
Созанда қиз ўзининг.

Ё юраги тошгандир,
Ё юраги ачишган,
Соғинганми бировни,
Кўнгли суйиб очиққан.

Бор шундай уйнинг тўлқини,
Узоқлаб кетдим шу куни,
Ўттиз беш йил кўрмадим,
Қайда ўзи овули.

Борганимда Чимбойга,
Кўз соламан шу жойга,
Уй ўрнида дўкон бор,
Бояги сулув қиз қайда.

Олисга кетиб қолдими,
Сочларин қиров олдими.
Унинг гўзал ёшлиги,
Келар кўзим олдига.

х х х

Сўнг ўхшатдим кўзидан,
Сураштирдим изидан.
Дўхтир унинг қизи экан,
Айнимабди ўзидан.

Тортиб ажал араваси,
Мерос қолган Олмаши.
Фарзанд экан умрнинг,
Давомчиси - ялгаши.

 

Оқшомги  ўй

Йўл ёқалаб кенг атрофни айланиб,
Аста-аста кезиб ўтдим кўчани.
Туннинг ичи ола булут, ой ёруғ,
Юзни елпиб салқин шамол эсади.

Ёш урпоқлар ўйнаб юрар чопқиллаб,
Шовқин солиб ўта берди ёнимдан.
Гоҳ кулишиб, ундан бундан гап қураб,
Чаққонликни бир биридан оширган.

Мен ҳам бир вақт чарчамасдим, ёш эдим,
Ўсган эдим таълим олиб отадан.
Ҳозир уям, ёстиқ билан тўшагим,
Кўпинча мен бўшашаман, ётаман.

Бугун мана ёлғиз юриб ёлиқтим,
Менинг учун кўринмади томоша.
Аёқ товуши хам семди халқнинг,
Уйда утирибман уйларим тоша

Мендан бўлак алоҳида жойлашган,
Келин, бола-чақаларнинг бўлмаси.
Шодланишиб улар сухбат куради
Жам булишиб,йигилишиб хаммаси

Ўз хонамда мендан бошқа одам йўқ,
Турли ўйлар келиб тиним бермайди.
Тақдиримнинг тадбирига чора йўқ,
Кетган банда энди қайтиб келмайди.

Аччиқни ҳам чучукни ҳам тотганман,
Қувонтирмас тақдир қайта яшартиб.
Ёлғиз юриб қайғу-ҳасрат тортгандан,
Мен тинч ётсам уйқудаги туш ортиқ.
 

УМР ҚЎШИҒИ

Кунлар утди юрагимни сизлатган,
Кунлар утди қайғу заҳри музлатган.
Юриб утган йулларимга қарасам,
Тўлқинланган денгиз каби сув ётган

Эшитганда жировларнинг термасин
Суйлатади мунгли куйлар пардасин.
Боболарнинг  бошдан кечган  мунг,зорин
Энди қайтиб урпоқларим кўрмасин.

Мен кўп сузсам умр деган кемада,
Ҳеч ҳаққим йўқ мен кексайдим демакка.
Бахт билан ўйнаб-кулиб, қувониб,
Чиқаяпман олтмиш деган тепага.

Қирқдан ўтсанг умр йўли тез экан,
Энди ҳозир ўйланаман сезаман.
Катталарнинг “Узоқ яша!” дегани,
“Кексаликка етиш” деган сўз экан.

Ёшлигимда кам бўлмадим кўркдан
Талайларнинг юрак бағрин эритган.
Бора-бора сулувликнинг бўёғин,
Қизим билан ўғилларга берибман.

Дунёда ким мангуликка яшайди,
Умр гоҳ кувонтиб, гохи аврайди.
Биров келиб, бировлар кетаётган,
Хўжайлининг бозорига ўхшайди.

Вақт ўтар асов отдай чопқиллаб,
Баҳор келар, қиш умрини тугаллаб.
Ҳар бир куннинг ҳар соатнинг ўрни бор,
Ортиғи йуқ, келар ўрин эгаллаб.

Одам бўлсанг, жамиятга дараксан,
Қўшилмасанг томири йўқ тераксан
Ўйламасанг сен ўзингдан бошқани.
Айтчи қани, сен кимларга кераксан?

Умрнинг ҳам бўлар мавсум-маҳали,
Ёрқин ёшлик гул умрнинг баҳори.
Баҳорингда тайёрласанг кузингни,
Мудратмайди кексаликнинг саҳари.

Хаёл дарахтидан туғилар шоҳлар,
Элу-юртим хизматимни баҳолар,
Қувватимга қувват қўшиб келмоқда,
Сўзларимни олқишлаган қарсаклар.

Ўрмаладим, миндим баланд асқарни,
Кўнглим бироқ қаримайди, ёш борди.
Бахт билан шоду-ҳуррам келаман,
Мен ўзимга қурдош қилиб ёшларни

Бу не ўзи ўрламокми,ўсмоқми?-
Бораяпман етмиш билан саксонга.
Тиловберган икки марта туғилмас,
Ерни суриб уруғ сепиб эксанг да.

Шоир санаб бойлик бермас, сандиқдан,
Қалам деган асбобимдан ўт чиққан.
Юрагимнинг чуқурида завод бор,
Ундан асло тўзмайдиган зот чиққан.

Мева берди меҳнатимнинг емиши,
Менинг топган шон-шуҳратим шу ўзи.
Бахт билан яна қирқ йил яшасам,
Бўлмас эди бир қабрнинг кам-кўсти.

Қолмасам мен бир еримдан майрилиб,
Қолмасам мен ақл-хушдан айрилиб,
Ватанимнинг эл-халқимнинг шаъни деб,
Юрагимда қайнаб турар шоирлик.

 

ШЕРНИЁЗНИНГ ДУОСИ

Чўпон йигит бор экан,
Кўриб юрган Шер аканг.
Келинчаги сал инжиқ,
Жанжалкаш ўжар экан.

Ойша билан Ўрозбой,
Ота душман аразлаб.
Кунда шовқин уйида,
Тепинишган хўроздай.

Кўпга сири билинди,
Гапга, сўзга илинди.
Қайта-қайта аразлаб,
Қўшнилари бўлинди.

Ойша қаттиқ зориқди,
Ичига дард тўлибди.
Дардин айтиб ёмонлаб,
Шерниёзга йўлиқди.

-Эрим мени уради,
Қулоғимни буради.
Кунда жанжал, кунда дов,
Бўлади да туради.

Қарасам ҳам ойнага,
Мени кам деб ўйлама.
Тузатгандай эримни,
Бир дуо бир қайноға.-

Деб ялинди ёш келин,
Ужар ва қайсар келин.
Шер аканг ҳам сезинди,
Келининг ужар фейилин.

Билмасам ҳам дуони,
Дуодан ният туғади.
Агар дуо бермасам,
Эринг сени қувади.

Бўлсанг ҳам сен эркли,
Миннат қилма кўрикни.
Шуни ёзиб уч бўклаб,
Дуо қилиб берибди.

-Айналайин келиним,
Аччиғи келса эрингнинг.
Қоғозни маҳкам тишлаб тур,
Қимирлатмай оғзинги.

Деб оқин уни синабди,
Ўтказибди синоқни.
Шу куннан бошлаб куёви,
Келинга гап айтмабди.

Аччиқ тиллик келинда,
Гап йўқ экан эрида.
Энди шовқин чиқмабди,
Тинчлик ўрнаб уйида.

Тотув турмуш қурибди,
Асалдай тотли турибди.
Оқиннинг шу дуоси,
Бор жанжални қуритди.

Бир сўздан қолсанг, ҳов дема,
Сал нарсани дов дема.
Ўз уйингнинг одамин,
Сен ҳеч қачон ёв дема.

 

Эгизак оға-ини.   

Тоғ бор ерда булоқ бор,
Бош бор ерда қулоқ бор.
Қулоқ бор ерда кўз бўлар,
Эл бор ерда сўз бўлар.
Пахта бор ерда чигит бор,
Қиз бор ерда йигит бор
Кўл бор ерда балиқ бор,
Дарё бор ерда халқ бор.
Кун бор ернинг туни бор,
Эл бор ернинг куни бор.
Совуғи булар иссиқнинг,
Уйлаб қаранг қиш кунин.
Оқил бор ерда нодон бор,
Яхши бор ерда ёмон бор.
Йурга бор ерда йуртоқ бор,
Ботир бор ерда қўрқоқ бор
Қўшчи бор ерда бошчи бор,
Чучук бор ерда аччиқ бор.
Туй бор ерда жиров бор,
Аза бор ерда жилов бор.
Қилмиш бор ерда жазо бор,
Жон бор ерда қазо бор.
Шодлигу ғам баайни
Эгизакдир, оғайни!

 

 УЙ ОЛДИДА САРИҚ ТОЛ

Ҳали ёшдир Зуҳрахон,
Лекин у жуда чаққон.
Даладан ажиб, қизиқ,
Топиб келибди чивиқ.
Югурар алпанг-талпанг,
Мени қолдирди ҳанг-манг.
–Дада, буни эк! ¬–дейди,
Эркаланиб кетмайди.
Қараб қўйиб ён ёққа,
Қўлин чўзар чорвоққа.
– Тўхта! – десам қўймайди,
– Юр! – деб мени зўрлайди.
Чивиқ самбит тол экан,
Томири ҳам бор экан.
Ер қазиб экдик шу дам,
Тол чиқарди куртак ҳам.
Қараб бордик кун  сайин,
У сув қуйди ҳар доим.
Тўрт йил ўтди орадан,
Ўтган-кетган ҳар одам,
Қараб назар соларди,
Тол ҳам тик юксаларди.
Бошқа дарахт ҳам ўсди,
Тол эса шахдам ўсди.
Соя ташлаб ҳар ёнга,
Томир ёйди теранга.
Ёз кунига ярашди,
Кўчамиз кўрки ошди…
Зухра ҳозир мактабда,
Тўртинчига ўтмоқда.
Муаллими Сорахон,
Бизга қўшни, қадрдон.
Шогирди эккан дарахт,
Шод этар кўрса ҳар вақт.
Экмоқ бўлсанг  сариқ тол,
Новдасидан келиб ол!
                          1959, 10-апрель.
 

Гулистон Аннаклычева (Матякубова) таржимоси.